"Ҳунарманд" уюшмаси Андижон вилояти бошқармаси фахрий аъзоси, миллий чолғу асбоблари устаси Мадраимов Абдумалик Абдураимович

Андижон шаҳар "Ғижжак Бобурий" оилавий корхонаси  раҳбари, "Ҳунарманд" уюшмаси Андижон вилояти бошқармаси фахрий аъзоси, миллий чолғу асбоблари устаси Мадраимов Абдумалик Абдураимович фидойи, меҳнатсевар ва моҳир уста сифатида халқ ҳунармандчилининг миллий мумтоз созларини қайта тиклаш ва халққа етказиш, таъмирлаш ҳамда янги турдаги чолғу асбобларини яратиш ишларида самарали меҳнат қилмоқда.

Уста фаолияти давомида илмий изланишлар олиб бориб, IX-XVI асрларда аждодларимиз томонидан яратилган қадимий мумтоз мусиқа асбобларидан «Қўштор», «Ғижжаки Бобурий», «Дилрабо», «Дилнаво», «Хушнаво», «Мерос» кабиларни қайтадан тиклаб, милий мусиқа санъати ривожига салмоқли ҳисса қўшган.

А.Мадраимов ўзи яратган миллий чолғу асбоблари билан қатнашиб «Ташаббус-2014» кўрик-танлови республика босқичида «Йилнинг энг яхши ҳунарманди» йўналиши бўйича 1-ўринни эгаллаган. Унинг яратган ноёб мусиқа чолғу асбоблари ўзининг гўзаллиги ва товуш тебранишлари билан Франция ва Англияда давлатларида мусиқа санъатига бағишлаб ўтказилган илмий анжуманларда юқори баҳоланган. Моҳир устанинг серқирра ижод намуналари мустақиллик йилларида юксак босқичга кўтарилган. Истиқлол йилларида устанинг 30 турга яқин турли чолғу асбоблари яратилган.

Жумладан, у яратган ижод намуналаридан «Қашқар рубоби», «Афғон рубоби», «Дутор», «Танбур», «Чанг», «Қонун», «Уд», «Ғижжак», «Най» ва «Қўшнай», «Доира», «Қўшноғора» кабилар миллий чолғу асбоблари қаторидан муносиб ўрин эгаллаган. 
2014 йилда қадимий Чанг (ипак торли) чолғу асбобининг янги намунасини яратган, жорий йилда ҳам ушбу Чанг чолғу асбобининг янгича (сим торли) турини яратиш борасида изланишлар олиб бормоқда. 
Изланувчан ҳунарманд уста томонидан тайёрланган «Ғижжак Бобурий» ёҳуд Темурийлар сулоласи давридаги ўзбек мусиқа сози ҳақидаги рисоласи чоп этилган. Ҳозирда рисолага миниатюра тушириш ишлари амалга оширилмоқда. Унинг ижод намуналари Ўзбекистон Фанлар Академияси қошидаги Темурийлар тарихи давлат музейининг доимий кўргазмасидан ўрин олган.
Шунингдек, уста чолғулари Лондондаги Қироллик музейи, Париж ва Токио шаҳарларидаги музейларнинг доимий экспонатлар қаторидан муносиб жой эгаллаган.  1997-2005 йилларда IV-V «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалида 20 дан ортиқ қадимий такомиллаштирилган миллий чолғу асбоблари коллекцияси билан қатнашган. Шу даврларда уста яратган созлар АҚШ, Англия, Италия, Корея, Хитой, Афғонистон давлатларида ўтказилган кўргазмаларда намойиш этилган.

Унинг созлар яратиш соҳасидаги маҳорати халқаро даражада эътироф этилган. Жумладан, 2006 йилда Тожикистон давлатида ўтказилган «Шашмақом» мусиқа фестивалида ва Тошкент шаҳрида ЮНЕСКО ва Япония ишонч жамғармаси ҳамкорлигида ташкил этилган «Анъанавий мусиқа чолғулари» кўргазмасида иштирок этиб, ЮНЕСКО дипломига сазовор бўлган. Шу йили Ўзбекистон Ҳунармандларининг санъат асарлари кўргазмасида фаол иштирок этган. 2010 йилда Тошкент шаҳрида ўтказилган Халқаро туризм кўргазмасида, Туркманистон ва Ўзбекистон Республикаси Президентлари учрашуви муносабати билан ташкил этилган дўстлик фестивалида миллий чолғу коллекцияси билан қатнашган. 

Моҳир уста ўзи яратган миллий мумтоз чолғуларини дунё миқёсида тарғибот қилишда мақсадида 2012 йилда Тошкент шаҳрида ўтказилган «UZ EXPO» марказида ва Халқаро туризм кўргазмасида фаол қатнашиб, бир қатор мамлакатлардан буюртмалар олишга эришган. Ёш авлодга ўзбек миллий чолғу асбобларини яратиш, таъмирлаш ва ишлаб чиқариш сирларини ўргатиш мақсадида 1996 йилда «Ғижжаки Бобурий» корхонасини ташкил этган. Мазкур корхонани янада кенгайтириш мақсадида унинг қошида миллий мусиқа созларини ишлаб чиқариш илмий ва амалий марказини ташкил қилган. 

Марказга Хитой Халқ Республикасидан 45 млн. сўмлик замонавий асбоб ва анжомларни келтириб, миллий мусиқа асбобларини ноёб ҳамда ягона коллекциялари яратиш, мусиқа мактаблари ва санъат билим юртлари учун чолғу асбоблари ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Бунинг натижасида, 20 нафар коллеж битирувчилари иш билан таъминланган.

Корхона томонидан 2016-2018 йилларда корхона томонидан
954,6 млн.сўмлик 68,1 минг дона миллий чолғу асбоблари ишлаб чиқарилган. 
Унинг раҳбарлигидаги корхона томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар асосан Ўзбекистон Қуролли Кучлар ашула ва рақс ансамблига, республиканинг барча таълим муассасалари ҳамда маданият уйларига тайёрлаб берилмоқда. А.Мадраимов корхонада ишлаб чиқарилаётган ўзбек миллий чолғу асбобларининг қисқача техник тавсифи ва паспортини яратган.

Уста ўзининг серқирра ижодини кенг миқёсда ривожлантириш мақсадида Тошкент ва Қўқон шаҳарларида ижодий мактаби очиб, унга 30 дан ортиқ ёшларни жалб қилган. Шогирдлари билан бугунги кунда ноёб миллий чолғу асбобларни яратиш бўйича доимий изланишларни давом эттириб келмоқда.

Кўп йиллик меҳнат фаолиятида 70 дан ортиқ шогирдларни тарбиялаган. Унинг ташаббуси билан «Мерос» дастасини ташкил қилиниб, мумтоз созларда ижро этилган 50 дан зиёд мумтоз куйларнинг ёзиб олинишини таъминлаб, республика радиосининг «Олтин фонди»дан жой олишида хизмати катта бўлган.

Устанинг ижоди ҳақида Ўзбекистон телерадиокомпанияси томонидан «Мозийдан садолар», «Бугун тушларимга кирмиш Андижон», «Мушкулот», «Уста», «Соз сеҳри» ва «Юртдошлар» фильмлари суратга олинган. Шунингдек, «Халқ сўзи», «Народное слово», «Андижоннома» ва «Соғлом авлод» рўзномаларида ҳамда «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» журналида кенг ёритилган.

Истиқлол йилларида тикланган миллий қадриятларимизни мазмун-моҳияти ва аҳамиятини ёшлар ўртасида кенг тарғиб этишга ҳисса қўшиб, таълим муассасаларида ўтказиладиган давра суҳбатлари ва учрашувларда фаол иштирок этади.

Ҳудудни ободонлаштириш ишларида фаоллик кўрсатиб, ўқув муассасаларини таъмирлаш, маҳалла аҳолисига тоза ичимлик суви тармоғини тортиш, 7 нафар кам таъминланган оила фарзандларининг никоҳ тўйларини ўтказиш ишларига 22 млн. сўмлик ҳомийлик ёрдамларини кўрсатган.

Маҳоратли ва фидойи ҳунарманд, камтарин ва самимий инсон сифатида эл-юрт ҳурматини қозонган.

Уюшма Ахборот хизмати