Эътибор ва ғамхўрлик оғушида

Бутун дунё бўйлаб, ҳар йилнинг 1 июнь куни “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” сифатида нишонланади.

         Байрам муносабати билан жорий йилнинг 1 июн куни  Навоий шаҳрида ўйинчоқлар фаолияти билан шуғулланувчи уста ҳунарманд Латофат Ҳусенова ташаббуси билан меҳрга муҳтож болалар ҳолидан хабар олиниб, хайрия тадбири ўтказилди.

            Хайрия тадбирини ташкил этишдан асосий мақсад меҳр ва мурувватга ташна қалб эгалари  чин ва ярим етим болаларни маънавий ва моддий қўллаб қувватлаш, уларнинг ҳолидан хабар олиш, эҳтиром билдириш, кўнглини кўтариш, хурсандчилик ва юқори кайфият шу билан бирга уларга ҳамиша эъзозда эканликларини хис қилиш туйғуларини бахш этишдир.

            - Тадбирда Латофат Хусенова сўз олиб, тадбир иштирокчиларини қўшалоқ байрамлар Рамазон ҳайит байрами ҳамда 1-июнь халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан қутлади ва бу жойда хизмат қилаётган, болаларга ўз меҳрини улашаётган тарбияловчиларга алоҳида миннатдорчилик билдириб, бу шарафли ва савобли хизмат эканлигини таъкидлаб ўтди,-дейди "Ҳунарманд" уюшмаси Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи Ж.Жумаев. - Уста ҳунарманд ўз қўли билан яратган ўйинчоқлардан, бир гуруҳ болаларга кийим-кечаклар улашди.

            Худди шу каби саховатпешалик Хатирчи туманида қўлда гилам тўқиш фаолияти билан шуғулланувчи Зияддинова Дилрабо томонидан ҳам амалга оширилди.

            Тумандаги “Деҳқонобод” МФЙдаги олти нафар ёш қувноқ қалбларга, жумладан болаликдан ногиронлар Абдухошимов Мехрож, Асадов Сарвар, Иноятов Комилжон, Пирназарова Маржона, Комилова Дилфуза, Нормаматов Алишерларникига бориб, совға-саломлар улашди, уларнинг ҳолидан хабар олиб, байрам билан қутлади.

         Вилоятда айнан ҳунармандлар томонидан бу каби савобли тадбирлар уюшқоқлик билан ўтказилмоқда.

 

 

 

                   Уюшма Ахборот хизмати